Friday, August 22, 2008

Кучли ёмғир ёғди.

Бугун куни билан Таллаҳассида кучли ёмғир ёғди. Бунақаси 10 йилда бир келар экан. Шамол аралаш бӯрон барча муассаса ва ташкилотларнинг ёпилишига сабаб бӯлди. Одамлар уйларидан чиқишмай шу замон пайдо бӯлиши эҳтимолдан холи бӯлмаган торнадо ёки ураганлардан паноҳ сақлаб туришарди.

Мен илмий раҳбарим берган мақолаларни ӯқиб чиқдим. Берган олтита мақоласидан иккитасига тушундим холос. Бундан ташқари жоним билан манти пиширдик. Жуда яхши чиқди. Мазза қилиб туширдик, ҳали бир хоним ҳам пиширганмиз, кечга еб қӯйиш мақсадида.

Айтмоқчи, жоним билан яна карта ӯйнаб ҳисобни дуранг қилиб қӯйдим. Бу марта менинг қӯлим баланд келди, ҳисоб 10:2.

Thursday, August 21, 2008

Картада ютқазганим ҳақида

Кеча жоним билан карта ӯйнадик. Жуда яхши карта ӯйинчиси бӯлишимга қарамай жонимдан 10:7 ҳисобда ютқаздим. Айтишича карта ӯйинида энг қолоқ ҳисобланар экан дугоналари орасида. Ҳар ҳолда мендан анча яхши ӯйнар экан, ёки мен карта ӯйнашни буткул унутибман.

Бугун эрталаб 10 дақиқа югурдим, жуда кам, биламан, лекин анча терлаб кетдим. Хорхе берган мақолани ӯқиганим билан чандон фаҳмига бормадим. Яна иккита мақоласи қолди, ӯқиганимдан сӯнг илмий раҳбарим билан гаплашаман.

Tuesday, August 19, 2008

Биз АҚШ дамиз.

Жоним билан Флоридага келдим. У мендан бир кун олдин йӯлга чиққан эди. Атлантада учрашдик. Бир қарашда Таллаҳасси шаҳри унга ёқмади. Лекин бир икки кундан сӯнг айтишича, бу шаҳар анча маъқулбоп жой экан. Кунлар тез ӯтиб кетаяпти.
Гоҳида кулишамиз, гоҳида урушамиз. :) Жоним ҳар куни уйни, ӯимизнинг Ӯзбекистонни соғинади. Сирдарёнинг Мирзачӯл тупроқларига-да алмаштирмайман дейди, бу Амрико деганларини.

Wednesday, April 30, 2008

716 348 сониядан сӯнг учрашамиз, насиб этса.

Ниҳоятда имтиҳонларнинг натижаси ҳам чиқди. Статистик механикадан "А", Электродинамикадан "А-", Квант Механикасидан "В+" олдим. Жуда оз сониялар қолди. Мени Рожерс Ҳоллдан чиқишимни сӯрашаяпти. Нафақат мендан, балким бутун студентлардан чиқишни илтимос қилишди. Ремонт қилишар эканлар. Шунга бугун Андрэникига ӯтаяпман. Бир ҳафтага. Уч кундан сӯнг эса Аппалачи тоғларига бормоқчимиз. Шунга балким бошқа бу ерга ёза олмайман.

Янгиликлардан, худо хоҳласа, 18 май куни висол оқшомини ӯтказамиз. Сенга бахт тилайман!

Friday, April 25, 2008

Ниҳоят семестр тугади.

Бугун статистик механикадан имтиҳонни топшириб чиқдим. Умид қиламан, бунисидан албатта 100% оларман. Электродинамикадан 82.5 % олибман, бу А- дегани, ёки 3.75. Квант механикасидан ҳали билмайман, С+ (2.25) ёки кӯпи билан В- (2.75) дир. Статистик механикадан, умидлар билан А (4.00) олишимни кутаяпман.

Энди буёғига имтиҳон йӯқ. Илмий ишни бошлаб юборишим керак. Ҳозирги ҳолатда эса магазинларга бориб бозорчилик қилишим керак. Бизларни яқинлаштирувчи сонияларга ҳам бор йӯғи 1 133 911 сония қолди.

Thursday, April 24, 2008

Биргина имтиҳон қолди, холос.

Бугунги имтиҳондан ҳам қутулиб олдик. Натижаси бир ҳафтадан сӯнг аниқ бӯлар экан. Асосийси, қутулдик электродинамикадан. Боя сенга телефон қилиб анча суҳбатлашдим. Усталар Тошкентга келишлари керак эди. Ваъда беришга беришди-ю, изсиз ғойип бӯлишибди. Хавотирга тушаяпсан, бировнинг боласи деб. Ёши 25-26 да экан, кап-катта одам, наҳотки ӯзини бошқара олмаса. Мен эса, аксинча улардан хафа бӯлса арзийди дедим. Бировнинг ишончини қозона олмаса, нима дейсан.

Охирги имтиҳонимгача (статистик механикадан) 12 соат 32 дақиқа қолди. Мен ҳозир уйга вазифаларни қараб чиқаяпман. Ӯн иккита уйга вазифадан 2 тасини қараб чиқишга улгурдим. Бу фандан формула қоғози олиб киришга рухсат бермайди, шунга формулаларни ҳам ёдлаш керак бӯлади. Яна ухлаб олиш ҳам керак. Имтиҳондан сӯнг болалар (Даниэл, Мелина ва Андрэ) магазинга чиқмоқчимиз, ундан кейин эса мазза қилиб пиво ичамиз.

Соат 23:37. Сени билан учрашишгача бӯлган онлар ҳам кам қолди: 1 196 565 сония.

Уйқум келмаяпти, аммо на чора...

Соат 02:42 бӯлган бӯлса-да, ҳамон кӯзимга уйқу келмаяпти. Эртага бӯладиган имтиҳон (аниқроғи бугун) бир томондан ташвишга солган бӯлса, индинга бӯладигани ундан ҳам безовта қилаяпти. 6 соат 18 дақиқадан сӯнг имтиҳонга киришим лозим. Негадир имтиҳонларда менинг миям жуда яхши ишламайди. Одатда уйга вазифаларни баҳс қилганимизда мендан сӯраб юргучилар имтиҳонларда ҳамиша мендан юқори балл олишади. Лекин якуний имтиҳонда кӯпчилик тутилади, чунки саволлар кутилгандек осон бӯлиб чиқмайди, ёки янги усуллардан фойдаланиш керак бӯлади. "А" олишим учун, эртага камида 90%, "А-" олишим учун эса, эртанги имтиҳондан камида 60% олмоғим зарур. Ва албатта одатдагидек сониялар: 1 271 534 сония қолди.


Wednesday, April 23, 2008

Имтиҳонгача 11 соат 08 дақиқа бор.

Ана мана деб электродинамиикадан ҳам имтиҳон бошланади. Ҳозир кечқурун, соат 21:52. Эртага эрталабдан имтиҳонга кириш керак. Шунча ӯқисам-да, ҳали маърузанинг 58 саҳифасидаман. Яна 47 саҳифа қолди. Ухлаб олиш ҳам керак, бӯлмаса бир вақтлардагидек имтиҳондан "С" олиб қайтишга тӯғри келади. ФДУ даги ҳамма аспирантларнинг бошида бу муаммо бор. Ӯқишдан зерикканимда, ютюб га бормасдан, бу ерга ёзаяпман. Шундай қилиб сониялар сонига қайтсак: 1 288 958 сония қолибди.

16 соат 35 дақиқадан сӯнг имтиҳон

Бугун эрталаб сен билан гаплашдим. Мартабангни кӯтаришибди. Лекин бундан жуда ҳам хурсанд эмассан. Чунки мен борган заҳотиёқ балким ҳали ишдан бутунлайига чиқиб кетарсан. Муаммо шундаки мен бошқа жойда бӯламан, сен эса бошқа жойда. Бу эса бизга тӯғри келмайди. Шу гаплар ҳақида суҳбатлашдик. Ишларингни тугатиб Тошкентга келмоқчисан. Мен боришимдан бир икки кун олдин. Уйларни ҳам шу кеча-кундуз номига ремонт қилдирмоқчимиз. Токи кириб борганда киши бемалол нафас олсин.

Менинг олдин ҳам айтганимдек, ҳали иккита имтиҳоним бор. Бири эртага, тӯғрироғи 16 соат 29 дақиқадан кейин бӯлса, иккинчиси 45 соат 29 дақиқадан сӯнг. Ҳозиргина уйқудан турдим. Уйда егулик ҳеч вақо қолмаган. Охирги бир пиёла гуручни қозонда қайнатаяпман. Шу фурсатдан фойдаланиб ёзаяпман ҳам. Энди бора қолай, ӯқишимни давом эттирай. Эътиборларингизга биноан: 1 308 276 сония қолди.

Гарчи орзиқиб кутаётган бӯлсам-да ...

Вақт одатдагидан тезроқ учиб ӯтаяпти. Гарчи ӯзим ҳам шуни хоҳлаган бӯлсам-да, имтиҳон яқинлашгач, қанийди яна соат секинлашиб қолса дер экан киши. Ҳали ҳануз статистик механикадан яна 10 лекцияни ӯқиб чиқишим зарур. Боз устига электродинамикадан ҳали тайёргарликни бошлаганим ҳам йӯқ.

Ҳали ҳам миллион сониядан кӯпроқ вақт бор.

Ишлашнинг эффективлигини ошириш учун ҳозиргина режа тузиб чиқдим. Олдингидек бир парча қоғозга ёзмаяпман, гугл бу ишда жуда қӯл келар экан. Бош саҳифада хоҳлаган нарсани жойлаштирса бӯлади, мен иккинчи саҳифасида шу режани жойлаштириб қӯйдим. Биринчи саҳифаси албатта об-ҳаво, почтага ӯхшаган нарсалар билан тӯлиб қолди.

Олим Воҳидовнинг қӯшиқлари навосида энди статистик механикага тайёргарлик кӯраяпман. Хайр, сониялар энди айтганимдек ҳали ҳам миллиондан юқори, аниғи 1 366 812 сония қолди. Бугун бориб чӯмилдим, дурустроғи, сузиш спорти билан шуғулландим, бир метр чуқурликда 29 сония нафас олмасдан тура олар эканман. Узоғи билан 80 метргача тинмасдан суза олар эканман. Анча беӯхшов лекин. Бошқаларникига ӯхшамайди, шунга.

Бӯпти, кетай энди, статистик механика додлаяпти.

Monday, April 21, 2008

Мана имтиҳон ҳам тугади.

Имтиҳон тугашига тугади-ю, лекин кӯнгил тусагандек бӯлмади барибир. Тахминан 60% ларини ишлаб чиқдим, яна ким билади дейсиз, балким ундан ҳам камроқдир. Энди уч олмасам бӯлди (Буларнинг тилибилан айтганда "С" олмасам дейман). Натижасини 4 кундан кейин эълон қилишади. Қолган икки имтиҳонга яхшилаб тайёргарлик кӯрсам, умумий баллимни юқорига кӯтаришим мумкин. Ӯтган семестрда 3.75 олган бӯлсам, бу семестр бир амаллаб 3.5 олсам кифоя. Аслида, биздан "кандидатский минимум" учун 3.00 талаб қилишади. Вой 3.00 дан паст олганларнинг аҳволига. Бизнинг курсда эса унақалар кам топилмайди. Андрэга ӯхшаганлар эса, аксинча, албатта 4.00 олишди. Менимча, бир Андрэ бӯлса керак. Балким Жон ҳам шу баҳога эришгандир. Қолганлар: Луянг - 3.91, Баю - 3.83, мен - 3.75 ва бир икки киши шу баллни олганмиз. Ана шунақа статистика. Баъзилар аллақачон курсни ташлаб кетишди ҳам.

Айтганча, 1 461 479 сония вақт қолди.

1 520 433 сониядан сӯнг...

Вақт тез ӯтаяпти. Имтиҳонгача бор йӯғи 43 минг сония қолди (2.8%). Тайёргарлик яхши эмас. Кун бӯйи ӯқисам-да, барибир ҳаммасини ҳазм қилишга вақт етмаяпти. Кейин гаплашамиз.


Saturday, April 19, 2008

1 659 827

Мана, уйга вазифани ҳам тугатиб олдик, энди бор йӯғи имтиҳонларга тайёргарлик кӯришим қолди, холос. Биринчи имтиҳонгача бӯлган вақт уйга етиб боргунча вақтнинг 11% ини ташкил қилар экан. :) Охирги имтиҳон эса умумий вақтнинг 31% ини. Бу дегани, имтиҳонларга кам вақт қолган, яхшилаб зӯр бериб меҳнат қилинмаса, ҳолимизга маймунлар йиғлайди. :)

Эрталаб сен билан гаплашдим, сизларда кечаси эди. Голубцы пишираётган экансизлар, ток баргидан. Жуда егим келиб кетди, на чора. Ҳозир бу номани ёзгандан сӯнг, туриб палав пиширмоқчиман. Уч кунга етадиган қилиб, токи имтиҳон пайти овқатланиш осон бӯлсин. :) Кӯришгунча (ва айтганча 1 659 354 сония қолди)!




1 680 435 сониядан кейин ...

Мана шунча сониядан сӯнг, мен ӯзимни яна қайта тирилгандек ҳис қиламан :) Барча лабораториялар тугади, уч имтиҳон ва бир уйга вазифа қолди. Менга омадлар!

Ростданам, вақт анча тез ӯтаяпти :)

Friday, April 18, 2008

1 773 154 сония қолди...

Бугун сен билан гаплашдим. Тӯйдан олдин квартирамизни тартибга келтириш ғамида жон куйдираяпсан. Ахир, уйимиз ҳам бир аҳволда. Лекин, насиб этса, ҳали ҳаммаси жуда зӯр бӯлади. Кӯп ҳам гаплашмадик, усталар ҳақида гаплашдик, қачон етиб келишлари ҳақида гаплашдик. Жиянларим ва синглим квартирани бӯшашлари шарт, ёки шарт эмаслиги ҳақида суҳбатлашдик. Мавзу иш эди, лекин шу баҳона мен сенинг овозингни эшитишга мушарраф бӯлдим.

Сониялар эса тобора бизни яқинлаштирмоқда. Қизиқ, қачондир физикада энтропия қонунларини эслатиб айтувдимки, бизнинг яна бир-биримизнинг топиш еҳтимоли тобора камая боради. Энтропиянинг максимумга интилуви, эҳтимолиятнинг минимумга етиши билан баравар деган эдим. Хато қилган эканман, биологик қонунлар физика қонунларини назар-писанда қилмаслиги ёдимдан кӯтаррилипти. Ҳар сонияда ҳар қандай ажобатлар бизни кутмоқда.

1 772 583 сония қолди...





Thursday, April 17, 2008

1 816 980 сония қолди...

Тӯрт кундан сӯнг квант механикасидан имтиҳонимиз бор. Тайёргарлик унча яхши эмас. Ҳаммада шу муаммо, кун бӯйи ишлайсан, лаборатория ӯтасан, баҳолайсан, уйга вазифа ишлайсан, қарабсанки имтиҳонга тайёргарлик кӯришга асти вақтинг қолмапти.

Сониялар ҳам камая бораяпти, ҳали уйга кетишга ҳам тузук тайёргарлик кӯрмадим. У ёқда эса интизорлик билан кутишаяпти. Мен ҳам тобора соғина бораяпман, тезроқ бу ердан кетгим келади. Тезроқ бориб сени кӯргим келади. Чуқур-чуқур нафас олиб ифорингдан тӯйгим келади.




Tuesday, April 15, 2008

1999140 сония қолди.

Мана висолгача бӯлган сониялар сони ҳам тобора камайиб бормоқда. Кеча электродинамикадан уйга вазифани соат 03:12 да ишлаб тугатдим. Бугун эса дарсда жуда уйқусирадим ва биринчи дарсдан сӯнг уйга келиб мазза қилиб чӯзилдим. Ҳозиргина туриб олдим ва эртагача ишланиши керак бӯлган статистик физикадан уйга вазифаларни ишлашга киришдим. Ҳали вери имтиҳонга тайёргарлик кӯролмайман шекилли.

Бугун сендан хат олдим, сенда иш меникидан ҳам ошиб ётибди шекилли. Тез орада насиб этган бӯлса кӯришамиз, мана сониялар сони ҳам миллионларга тушиб қолди: 1998612 сония...

Баъзи бировлар романтикага берилишни руҳий хасталик деб аташади. Ҳолбуки, табиатнинг қонуни бӯлган бу руҳий хасталик кишига бошқача бир ширин таасуротлар бағишлайди. Шундай экан, менинг шунақа бир руҳий хаста бӯлганим маъқулроқдир. У ҳар доим бу ҳақда гапирганда, ӯзига бир синдром таъсир қилганини ва бунинг давоси фақат менда борлигини айтади (Фаррухнинг синдроми). Мен эса қӯшимча қиламан: ФЗ синдроми. :) Бири бири учун малҳам бӯладиган аксилсиндром.

Ҳинд кинолардан биттасини неча марта кӯрсам, яна кӯргим келади. Бу одатдаги муҳаббат ҳақидаги қиссалардан эмас. Замирида албатта ишқ достони, аммо девоналар достони эмас. Жуда табиий ҳаётдан олинган ишқ достони. "Мен ва сен" номланмиш ушбу кинони 10 марталаб кӯрган бӯлсам ҳам яна кӯргим келади. Ҳаётим қандайдир ӯша кино қаҳрамони Каран Капурга ӯхшаб кетади. Уники эса Реа Пракашникига.

Бу сатрларни ёзгунимча, сониялар яна анчага камайибди. Энди эса бор йӯғи 1997734 сония қолди. :)


Сониялар, сониялар...

Жоним менинг,

Икки кундан бери сен билан гаплаша олмаяпман. Университет имтиҳонлари роса қийнаб, бош қашишга ҳам вақт ажрата олмаяпман. Биз келишган эдик, бир ҳафтадан кейин қӯнғироқ қилишга. Ёки барча имтиҳонларни топширганимдан сӯнг қӯнғироқ қиларман, деган эдим. Аммо, бу юрак қурғур ҳамиша сен билан дийдорлашишни қӯмсайди. Ҳозир ҳам бу сатрларни ёзмасдан бир оғиз ширин сӯзингни эшитсам дейману рақамни термоқчи бӯламан. Лекин ақлим буйруқ берадики, сенинг овозингни эшитгандан сӯнг, соғинчдан ҳушдан кетиб, бажарилолмай қолган уйга вазифалар қолиб кетади.

Соат 01:46 бӯлипти. Орадан анча вақт ҳам ӯтди. Роппа-роса 2 052 701 сониядан сӯнг, худо хоҳласа сен билан аэропортда учрашаман. Ҳар доим сония санасам, кунини санай қолинг, бу сонияларнинг миқдори ваҳимали дейсан. Мен эса, ушбу ваҳимали сонияларнинг бирма-бир камайиб кетаётганидан завқ оламан. Ахир, орадан тӯрт йил ӯтаяпти. Сени жуда соғинганман.

Бу ёзувлардан кейин, ҳозир қӯлимга яна ручка олиб электродинамикадан охирги уйга вазифани ишлашга киришаман, зора бу орамиздаги висол онларини яна бирор 3000 сонияга қисқартирса. :)

Sunday, March 2, 2008

Сен билан гаплашиб, ҳеч ҳам тӯймайман!

Кеча ва бугун гаплашдик. Лекин соғинч ҳисси мени ҳеч ҳам тарк этмаяпти. Ҳар куни эрталабдан сония санайман. Тахминий ҳисоб китобга қараганда, 5, 778, 000 сония вақт қолди. :)
Тӯйни Сариосиёда қиладиган бӯлдик. Менга энг қулайи шу экан. Лекин ҳалигача бу ердаги ишларимни битириб аниқ бир қарорга келганим йӯқ. Сиракуз университетидан ҳам хушхабар келиши даргумонга ӯхшаяпти. Агар у ерга боролмайдиган бӯлсам, сени бу ерга олиб келиш учун ҳужжатларни тахлашим лозим. Шунақа гаплар.

Tuesday, February 19, 2008

Айрилиқ

Анчадан бери сен билан суҳбатлаша олмайман. Масофа узоқлиги бир баҳона бӯлса, яна бугунги кунларда университетдан бӯшайдиган вақтни топишим ҳам амри маҳол бӯлган. Бугун сен билан суҳбатлашдим. Овозинг менга жуда ёқади. Вебкамда аксингни ҳам кӯрдим. Жуда чиройли бӯлибсан. Кӯришмаганимизга яқинда 4 йилдан ҳам ошади. Бугун ишдошингнинг туғилган кунига боришинг керак эди. Аммо мен билан учрашув (интернетда) га келишганинг боис, у ерга боролмай қолдинг.

Сени севаман!

Тақдир насиб этгудек бӯлса, шу йилнинг май ойида кӯришамиз. Ӯшанда, хайрлашганимизда, бу охирги кӯришувимиз бӯлса керак деб тақкдирга минглаб лаънатларни айтган эдим. Йӯқ, бу тақдирнинг аччиқ ҳазили экан, холос.

Сени жуда соғиндим!

Wednesday, February 13, 2008

Севгим менинг

Чин севги дарё-дарё кӯз ёшларни келтирар (Фаррух)

Бу ерга ёзишдан мақсадим асар тӯқимоқ, ёки барчага севгимни достон қилмоқ ҳам эмас аслида. Шунчаки кундалик хотираларимни компютеримни бир бурчагида жой бергандан кӯра онлайн тизимида қӯйганим ӯзимга анча қулайроқ, хоҳлаган жойда хотиралар билан сӯҳбатлаша оламан. Баъзида ёзган хотираларимни ӯқиб, ӯтган кунларимни эслаб, қандайдир бир ҳиссиётлар оламига тушиб қоламан. Бу билан мен хотиралар билан яшайман демоқчи эмасман асло. Эсталикларнинг ҳам турли хили бӯлади: аччиқ хотиралар, аламли хотиралар, қувончли кунлар, шодликлар ва ҳоказо. Баъзиларини эслаш вужудингизга титроқ солса, баъзилари жаннат олами сайрига таклиф этгудек гӯиё. Ҳаммасидан ҳам, уларнинг орасида севги хотиралари номланмиш бир туйғу борки, унинг энг аламли кунларини эслаш ҳам кишига ёқимли таассурот қолдиради.

Мен у билан 6 йил олдин танишдим. Оддийгина: имтиҳонга тайёргарлик кӯраётган бир қиз менда бӯлган саволлар варағини бера олмаслигимни сӯради. Балким, ӯша биринчи сӯзлашувдан сӯнг бир биримизни бутунлай кӯрмасдан бошқа бошқа йӯлларга кетишимиз ҳам мумкин эди. Аммо ҳаётнинг фикрида бошқа найранглар чарх уриб ётган экан...